Лозим бўлган масаллиқлар (4 кишига мўлжалланган)
1. 450 грамм гуруч ("Басмати" каби узун навлиси бўлса, янада яхши)
2. 100 грамм ўсимлик ёғи
3. 2 дона ўртача катталикдаги бошпиёз
4. 450 грамм мол ёки қўй гўшти қиймаси
5. 2 ошқошиқ томат пастаси
6. 3-4 дона чеснок паллачаси
Таъбга қараб туз, туйилган кашнич уруғи, мурч ва зира лозим бўлади
Пишириш услуби 1. Энг аввало, кўфталаримизни тайёрлаб оламиз. Бунинг учун қиймани каттароқ идишга соламиз(аралаштириш осон бўлиши учун). Кейин 3-4 дона чеснок паллагини тозалаб, майда қилиб тўғраймиз ва қийманинг устидан соламиз. Кейин бир дона пиёзни майда кубик шаклида тўғраб, уни ҳам қиймага қўшамиз. Устидан бир чой қошиқ туйилган кашнич уруғи, бир чойқошиқ зира ва бир чойқошиқ туйилган қора мурч соламиз. Истасангиз, бирор хил кўкат туридан, яъни майда тўғралган кашнич ёки укроп ҳам солишингиз мумкин. Кейин қиймани 10 дақиқача яхшилаб мижғиймиз. Зираворларнинг мазасини олиши учун тайёр қиймамизни 5-6 дақиқа дам олдирамиз. Шундан сўнг, каттароқ патнисни енгилгина ёғлаб, кўфталаримизни ясашга ўтамиз. Ҳар гал қўлингизни сувлаб олсангиз, қийма қўлингизга ёпишмайди. Кўфтангиз ҳам силлиқ чиқади. Ўртача катталикда 8-9 тача кўфта ясаб оламиз. Тайёр кўфталарни патнисга териб чиқиб, устини енгилгина мато билан ёпиб, бир четга олиб қўямиз.
2. Кейин таги кенгроқ қозонга ёғ солиб, бироз қизитамиз ва паррак-паррак қилиб тўғралган пиёзимизни солиб, тўқ қўнғир тусга киргунча қовурамиз. Шундан сўнг, 2 ошқошиқ томат пастасини солиб, яна бироз қовурамиз. Оловни пасайтириб, қозонга қайноқ сув соламиз. Қозондаги соусимиз кўфталаримиздан баланд бўлмаслиги керак. Шунинг учун ҳам қозонга шуни мўлжаллаб сув солганингиз маъқул. Қозондаги соусингиз бир қайнаб чиққач, кўфталарини бир текис қилиб териб чиқамиз. Оловни баландроқ қилиб, қозондаги масаллағимизнинг яна қайнашини кутамиз. Четлари қайнай бошлагач, оловни пасайтириб, қозоннинг қопқоғини сал қия қилиб ёпганча, 40-45 дақиқа шу ҳолича газ устида қолдирамиз.
3. Бу орада гуручни оқиб турган сув остида эҳтиёт бўлиб бир неча марта ювиб ташлаймиз ва шундан сўнг, 20 дақиқа тузли илиқ сувда ивитиб қўямиз.
4. Кўфталаримизнинг пишишига 5 дақиқа қолганда, каттароқ қозонга бир ярим литр сув ва бир чой қошиқ туз солиб, қайнатишга қўямиз. Сув қайнай бошлаганда, ивитиб қуйган гуручимизни оқиб турган сув остида бир неча марта ювиб ташлаб, сувини яхшилаб силқитамиз. Кейин сув қайнаб турган қозонга солиб, бор-йўғи 2-3 дақиқа қайнатиб оламиз, бундан ошса, гуручингиз эзилиб кетади. Кейин қозондаги гуручни суви билан бирга остига тоғора қўйилган майда кўзли човлига ағдарамиз. Сувини яхшилаб силқитамиз.
5. Ўртача катталикдаги алоҳида чўян қозонни олиб, чала пишган ва суви яхшилаб силқиган гуручимизнинг ярмини соламиз. Устидан бошқа қозонда пишиб, тайёр бўлган кўфталарни бирма-бир териб чиқамиз. Кўфталарнинг устидан қолган гуручни солиб, устини текислаймиз. Кўфта пишган соусдан бир станканча (175 грамм) олиб, қозондаги масаллиқ устига айлантириб қуямиз. Устидан ўзингиз ёқтирган зираворлардан ҳам сепишингиз мумкин. Кейин узун дастали ёғоч қошиқ ёрдамида эҳтиёт бўлиб қозондаги масаллиқни енгилгина аралаштириб оламиз.
6. Шундан сўнг қозоннинг қопқоғини зич қилиб беркитиб, 45 дақиқа паст оловда дамга қўямиз.
7. Дам егандан сўнг, қозондаги паловимизни чиройли қилиб сузиб олиб, ўзимиз ёқтирган салат билан бирга дастурхонга тортамиз. Ёқимли иштаҳа. BBC |