Америкалик фуқаро ғаройиб табиат ҳодисасини – "булутлар цунамисини" суратга туширди.
Суратларда Панама-Сити шаҳрининг қирғоқбўйи ҳудудида жойлашган кўп қаватли биноларни тўлқин кўринишида қирғоққа тушаётган булутлар қоплаб олган. Осмондан ушбу туман тўлқинлари цунами пайтидаги океан тўлқинларига жуда ўхшайди.
Ушбу ажойиб фотосуратларнинг муаллифи ўз вертолётига эга маҳаллий фуқаро Жеар Хоттом. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳодисани бу ерда йилига бир неча марта кузатиш мумкин. Аммо у интернетда дарров оммабоп бўлиб кетган “цунами” суратларини олиш учун фақат яқиндагина вертолётни туман пайтида ҳавога кўтаришга журъат қилган.
"Ҳаммаси жуда тез юз берди. Олдинига кўп қаватли уйлар томида туман парчалари пайдо бўлди, 2-3 дақиқадан кейин эса бинолар буткул туман тўлқини остида қолди ", - дейди Хоттом.
Экспертларнинг фирикча, "булутли цунами" қирғоқда жойлашган кўп қаватли бинолар кўринишидаги тўсиққа конденсацияланган намликнинг ўтириши ҳисобига юз беради. “Қирғоқбўйида ҳаво қатлами ҳарорати шудринг нуқтасига (ҳаводаги намлик конденсацияланадиган ҳароратга) яқин.
Бундай ҳавода булут ҳосил бўлиши учун бироз кўпроқ намлик керак ёки ҳарорат пасайиши лозим. Ҳароратни пасайтирсангиз, ҳаво ўзидаги сув буғларини ушлаб тура олмайди ва булут шаклланади”, - дея қайд этади метеоролог Дэн Саттерфилд.